Россия Давлат Думаси Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битимни деярли бир овоз билан ратификация қилди. 441 депутат мазкур қарорни ёқлаб овоз берган бўлса, бир нафари бетарафлигини намоён қилди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битим Россия, Қозоғистон ва Белоруссия президентлари томонидан 2014 йил 29 май куни имзоланган эди. Ҳужжат товарлар, хизматлар, иш кучи ва капиталнинг эркин ҳаракатланишини таъминловчи, иқтисодиёт соҳаларида мувофиқлаштирилган, келишилган ёки ягона сиёсат олиб борувчи иттифоқни таъсис этади.
Бундан ташқари, битим иттифоқ органлари — аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарларидан ташкил топувчи Олий Евросиё иқтисодий иттифоқи, штаб-квартираси Москва шаҳри (Россия)да жойлашиши тахмин қилинаётган Евросиё иқтисодий комиссияси ва штаб-квартираси Минск шаҳри (Белоруссия)да бўладиган Евросиё иқтисодий иттифоқи судининг тузилиши, ваколатлари ва иш тартибини белгилаб беради. Иттифоқнинг молиявий назоратчиси Олма-Ота шаҳрида жойлашиши мумкинлиги ҳам қайд этилди.
Иттифоқ бюджети аъзо мамлакатларнинг Олий кенгаш томонидан тайинланадиган улуш асосида тўлайдиган пули ҳисобига Россия рублида шакллантирилади.
Ҳужжатга биноан иттифоқ унинг мақсад ва тамойилларига амал қилувчи исталган давлат учун очиқ ҳисобланади. Бироқ бунда аъзо мамлакатлар фикри ҳам инобатга олинади.
Иттифоқнинг ишчи тили рус тили бўлиши белгилаб қўйилди.
Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битим 2015 йил 1 январидан кучга киради.
Изоҳ (0)