Андижонда фаолият кўрсатаётган «Уз Тонг Хонг Ко» Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасида 16 турдаги спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Корхонамиз асосан автомобиллар учун ўриндиқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, — деди корхона раҳбари Авазбек Жалилов. — Айни пайтда халқ истеъмоли моллари, хусусан, спорт товарлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган».
Корхонада хорижий технологиялар асосида сифатли футбол, баскетбол, волейбол ва теннис тўплари, теннис, стол тенниси ва бадминтон ракеткалари, акробатика ва гимнастика машқлари бажариладиган махсус жиҳозлар ҳамда турли кедалар ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳсулотлар буюртма асосида Ўзбекистондаги турли спорт муассасалари, умумтаълим ва спорт мактаблари, лицей ва касб-ҳунар коллежлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда республика Бадминтон федерациясига етказиб берилмоқда.
«Жорий йилнинг ўтган даврида 600 миллион сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди, — деди корхонанинг халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Равшанбек Каримов. — Уларнинг аксариятини спорт анжомлари ташкил этади. Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор спорт товарларига бўлган талаб ва эҳтиёжни ҳам ошириб юбормоқда. Хусусан, яқинда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига 18 минг дона футбол тўпи етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятини яратади».
Корхонанинг халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бўлимида 50 нафардан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Асосан ёшлар ва касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан иборат ишчиларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган.
Изоҳ (0)