Украина президенти Пётр Порошенко жангарилар ўтказмоқчи бўлган сайловлар мамлакат қонунларига тўғри келмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Сегодня» хабар бермоқда.
Украина раҳбари Донбассдаги сайловлар Украина қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказилиши лозимлигини, бундан бошқа йўл йўқлигини айтди.
«Марказий сайлов комиссияси (сайлов ўтказиш учун) барча ёрдамни кўрсатади. (Сайловларда) халқаро кузатувчилар иштирок этиб, кўчаларда қуролли одамлар бўлмайди. Террористик ташкилотлар томонидан белгиланган қолган барча сайловлар Украина қонунларига тўғри келмаса ва уларда кузатувчилар қатнашмаса, шунингдек, овоз берувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилса, уни Украина ҳам, бутун дунё ҳам ва, умид қиламанки, Россия ҳам тан олмайди. Биз сайловларни ўтказа олишимизга ишончим комил, негаки улар Украина ва Донбасс манфаатлари доирасидадир. Сайловсиз сиёсий инқироздан қутилишнинг иложи йўқ», — деди Пётр Порошенко.
Бундан ташқари, Украина президенти 7 декабрь куни маҳаллий сайловлар ўтказилиши кутилаётган Донецк ва Луганск вилоятларининг алоҳида туманларида ўзини ўзи бошқаришнинг махсус тартибини жорий қилиш тўғрисидаги қонунни имзолашни режалаштирмоқда.
«Олий Радани қайта сайлаш тўғрисидаги қарорни мен қабул қилдим. Менга ишонаверинг, маҳаллий кенгаш депутатлари борасида иккиланмайман ва бу қонун имзоланади», — деб қўшимча қилди Порошенко.
Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрь куни Украина Олий Радаси ёпиқ мажлисда Донецк ва Луганскнинг алоҳида туманларида уч йил муддатга ўзини ўзи бошқаришнинг махсус тартибини жорий қилиш тўғрисидаги, шунингдек, мазкур ҳудудларда жорий йилнинг 7 декабрь куни навбатдан ташқари маҳаллий сайловлар ўтказилиши ҳақидаги Президент қонунини қабул қилди.
Изоҳ (0)