Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 90 га яқин меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили Самарқанд шаҳрига 130 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган. Туризм 11 йўналишдан иборат бўлса-да, Самарқандга сайёҳлар фақат тарихий обидаларни томоша қилиш учун келади, деб хабар бермоқда «Зарафшон» газетаси.
Шаҳарда ишбилармонлик, экологик ва туризмнинг бошқа хизматларини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Тахминий ҳисобларга кўра, агар туризмнинг бошқа турлари ташкил этилса, Самарқандга бир йилда 530 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюриши мумкин. Шунингдек, чет эллик туристлар Самарқандда камида бир кун, кўпи билан уч кун меҳмон бўлади. Агар ҳар бир сайёҳнинг меҳмон бўлиши яна бир кунга узайтирилса, туризмдан йиллик даромад 17 миллиард сўмга ошиши мумкин.
Чет эл туризмини ривожлантиришда ҳозирги пайтда шаҳарда меҳмонхоналарнинг тури ҳам камлик қилади. Масалан, отел-люкс, ўрта класс бўғиндаги меҳмонхоналар, пансионатлар бор, лекин отел-курортлар, мотеллар, ротеллар, ботеллар, флотеллар, флайтеллар деярли йўқ.
Самарқандда ички туризм ривожланмоқда. Бир йилда 400 минг ички сайёҳга хизмат кўрсатилмоқда. Лекин уларнинг ҳаракат йўналиши, хизмат кўрсатиш даражаси, меҳмонхоналарда дам олишларига туристик фирмалар томонидан етарлича эътибор қаратилмаяпти. Шунингдек, ҳар томонлама малакали гид-таржимонлар етишмайди. Бу каби масалалар ижобий ҳал этилса, Самарқандда туризм энг истиқболли, сердаромад соҳага айланади, деб қайд этди «Зарафшон» газетаси.
Изоҳ (0)