Европарламент депутатлари Европа Иттифоқига Россия билан стратегик ҳамкорлик концепциясидан воз кечишни, шундан сўнг, SWIFT (Бутунжаҳон банклараро молиявий телекоммуникациялар бирлашмаси)дан Россияни чиқариш эҳтимолини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Украинадаги вазият ва Россия билан муносабатлар бўйича Страсбургдаги ялпи сессияда маъқулланган Европарламент резолюциясига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
Бундан ташқари, Европарламент резолюцияси Европа Иттифоқига «Южний поток» («Жанубий оқим») лойиҳасида иштирок этиш ва атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилишдан бош тортишни ҳам таклиф этмоқда. Депутатларнинг фикрича, иттифоқ энергетика соҳасида Россия билан режалаштирилган барча битимларни бекор қилиши, умуман, Европа жамияти Россия билан муносабатларини қайтадан кўриб чиқиши лозим.
Шунга қарамай, Россия етказиб берган газ нархининг Украина томонидан ўз вақтида тўланмаслиги натижасида юзага келган баҳсни ҳал қилиш мақсадида Европарламент Украинага газ етказиб бериш бўйича уч томонлама музокараларни давом эттириб, уни тиклаш йўлларини топишни таклиф қилмоқда.
Бундан ташқари, Евроиттифоқ шундай аниқ мезонлар ишлаб чиқиши керакки, уларга асосланиб «Россияга қарши янги санкциялар киритишдан сақланиш ёки амалдагиларини олиб ташлаш мумкин бўлсин».
Европарламент депутатлари, шунингдек, Россияга нисбатан жорий этилган чеклов чораларини ижобий кутиб олиб, Европа кенгашига ва унга аъзо давлатларга мазкур шартлар амалга оширилмагунча санкцияларни бекор қилмаслик ва янги чекловлар киритишга тайёр туриш фикри билан мурожаат қилди.
Изоҳ (0)