Бангладеш терма жамоаси Осиё ўйинларининг илк турида Афғонистонни мағлубиятга учратди. Ўйиндаги ягона голни бангладешлик Мамунул Ислом ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Ўйиндан сўнг ўз фикрини билдирар экан, 28 ёшли ярим ҳимоячи ғалабадан жуда ҳам хурсанд бўлганини яширмади, деб қайд этди Stadion.uz.
«Ушбу гол фаолиятимдаги энг муҳим гол ҳисобланади, ҳаттоки уни ҳаётимнинг энг муҳим қисми деб аташим мумкин. Мусобақага жўнаб кетиш олдидан бизнинг биринчи мақсадимиз Афғонистонни мағлуб этиш эканлигини таъкидлагандим. Биз ўз мақсадимизга эришдик. Энди Ўзбекистонга қарши бўладиган иккинчи ўйинга ўз эътиборимизни қаратамиз», — деди Мамунул Ислом.
Бангладеш терма жамоасининг голландиялик бош мураббийи Де Круиф эса Афғонистон билан ўйинда ғалабага 25 фоиз ишонганини таъкидлаб, омад кулиб боқса, Ўзбекистон билан ўйинда ҳам уч очко қўлга киритиши мумкинлигини айтиб ўтди.
«Жуда ажойиб ғалабани қўлга киритдик. Бу биз учун ҳам сюрприз бўлди. Боиси, ғалаба қозонишимизга 25 фоиз ишонгандик. Иккинчи бўлимда яхши ўйнадик. Биз гуруҳдан чиқа оламиз ёки йўқми, бирор нарса дейиш қийин. Захирамизда ҳали иккита ўйин бор. Ҳозирча Ўзбекистонга қарши ўйинга режа тузишни бошлаймиз. Озгина омад кулиб боқса, иккинчи ўйинда ҳам уч очкони қўлга киритишимиз мумкин. Келинг, аввал иккинчи ўйин қандай ўтишини кутайлик», — деди Де Круиф.
Изоҳ (0)