Фарғона вилояти Бувайда туманида «Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Вилояти ҳокимлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ўқувчи ва талабалар, халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчи ёшлар иштирок этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Тадбирда бир гуруҳ фаол ёшлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бувайда тумани ёшларига Президент Ислом Каримов совғаси — Isuzu автобуси топширилди.
Таниқли санъаткорлар ва ёшлар ижросидаги концерт дастури иштирокчиларга хушнуд кайфият бахш этди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.
Маълумот учун, бугунги кунда вилоятдаги 919 умумтаълим мактаби, 157 академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, бешта олий ўқув юртида минглаб ёшлар замонавий илм-фан сирларини ўрганмоқда. 20 та «Баркамол авлод» болалар маркази, 54 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 27 та болалар мусиқа ва санъат мактаби ёшлар ихтиёрига топширилган.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида учта мусиқа ва санъат мактаби, етти спорт иншооти бунёд этилди. 20 дан зиёд умумтаълим мактабларининг бинолари реконструкция қилинди. Фарғона шаҳрида «Ёшлар» мажмуаси, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Фарғона ва Қувасой шаҳрида «Камолот уйлари» бунёд этилди.
Жорий йилда вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 60 мингдан зиёд йигит-қизнинг аксарияти ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашди.
Изоҳ (0)