Россиянинг Якутск шаҳрида талабалар ўртасидаги VI жаҳон чемпионати якунланди. Мусобақанинг сўнгги куни финал баҳслари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Жаҳон чемпионатида дунёнинг 14 давлати боксчилари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Ўзбекистон терма жамоасига ягона олтин медални Шахрам Гиясов (-64 кг) келтирди. У ҳал қилувчи финал жангида қозоғистонлик Маулен Оскенбекни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, талабалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди.
Финалга етиб келган Ўзбекистоннинг иккинчи вакили Мирзобек Ҳасанов (-91 кг) эса кумуш медаль билан тақдирланди. Финалга қадар қозоғистонлик Айбек Ерметовни 3:0, россиялик Антон Зайцевни 2:1 ҳисобида енгган Мирзобек финал баҳсида беларуслик Сергей Карнеюга имкониятни бой берди.
Улуғбек Ҳақбердиев (-75 кг) эса ярим финалда россиялик Сухроб Сиддиқовга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди. Улуғбек чорак финалда венгриялик Адам Золтанни учинчи раундда техник нокаут эвазига мағлуб этганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон боксчиларидан Нодиржон Мирзаҳмедов (-49 кг) илк баҳсида қозоғистонлик Олжас Байниязовга, Равшанбек Умурзоқов (-60 кг) тожикистонлик Шавкатжон Раҳимовга, Отабек Ибрагимов (-81кг) ва Зоҳиджон Ҳурбоев (-56 кг) мос равишда қозоқ боксчилари Турсинбай Қулахмет ҳамда Нурбол Калжановларга имкониятни бой бериб, ўз иштирокларини муддатидан аввал якунлаган эди.
Шунингдек, ушбу жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик халқаро тоифадаги рефери Баҳодир Жуманиёзов ҳам ҳакамлик қилди.
Изоҳ (0)