Бугун Бангкокдаги Golden Tulip меҳмонхонасида U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати чорак финалига йўл олган барча терма жамоаларнинг бош мураббийлари иштирокида ўйинолди матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Александр Мочинов Сурия ўсмирларига қарши чорак финал баҳсида ҳар иккала терма жамоа футболчилари майдонда охиригача кураш олиб боришини таъкидлади.
«Биз чорак финалда кучли ва анча тезкор бўлган жамоага қарши баҳс олиб борамиз. Учрашув биз учун қанчалик муҳим бўлса, рақиб учун ҳам шундай муҳимдир. Шундай экан, эртага биз учун ортга йўл йўқ. Ўйин биз учун қанчалик муҳим эканлигини ҳис қилган ҳолда майдонга тушамиз», — деди Мочинов ўйиндан олдин ўтказилган матбуот анжуманида.
«Рақиб ўйинини мураббийлар штаби билан биргаликда ўрганиб чиқдик. Анча кучли ва тезкор ўйин намойиш этади. Биз ҳам рақиб ўйинига қараб тайёргарлик олиб борамиз. Рақибнинг маълум бир футболчиларига қараб алоҳида тактика танлаймиз, дея олмайман. Ўйин бошидан ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўртада жаҳон чемпионати йўлланмаси турибди, шундай экан ҳар иккала жамоа ҳам охиригача ўйнайди. Балки эртага ҳужумкор ва чиройли ўйин гувоҳи бўлмассиз, балки жамоалар бироз эҳтиёткор ўйин кўрсатишар, буни вақт кўрсатади», — деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.
«Гуруҳ ўйинларининг барчасини Muangtong стадионида ўтказган эдик. Эртага эса бошқа майдонда баҳс олиб борамиз. Умид қиламанки, бу ҳолат бизга ўйинда ҳалал бермайди. Мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам эртанги ўйиннинг қанчалик муҳим эканини ҳис қилиб турибди. Улар майдонга ватан шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун тушади», — деди Мочинов.
Хабар берилганидек, U-16 ўсмирлар ўртасидаги ОЧ чорак финали доирасидаги Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари ўртасидаги учрашув 14 сентябрь, якшанба куни Бангкокдаги Rajamangala стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатининг «C» гуруҳидаги учрашувлар натижасига кўра, гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)