«Спорт» телеканали узоқ йиллар давомида Европанинг кучли чемпионатлари ўйинларини намойиш этиб келди, аммо ўтган йилдан эътиборан бу борада муаммолар бошланди. Шу ва бошқа масалалар юзасидан «Спорт» телеканалининг «Трансляция» студияси бош муҳаррири Зафар Имомхўжаевга мурожаат қилинганда, у бошқа мутахассислардан фарқли ўлароқ, «Интерфутбол» мухлисларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича ва батафсил жавоб берди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Зафар Имомхўжаев Европадан трансляция қилиш жиддий масала эканлигини МТРК раҳбарияти ҳам тушуниб турганини таъкидлар экан, айни вақтда бу борада катта ишлар олиб борилаётганини айтди. «Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Европанинг кучли чемпионатлари, УЕФА Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси ўйинларини намойиш этишни устувор вазифа сифатида белгилаб олган. Бу масалани ижобий ҳал қилиш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. ‘Спорт’ телеканали орқали шу вақтга қадар йирик мусобақаларнинг барчаси мухлислар эътиборига ҳавола этиб келинди.
2008 ва 2012 йилги Европа чемпионати, 2006, 2010 ва 2014 йилларда ўтказилган жаҳон чемпионати, шунингдек, 2008 ва 2012 йилги ёзги, 2010 ва 2014 йилги қишки Олимпиада ўйинлари шулар жумласидандир. Мана, Нанкиндан, ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада ўйинларидан ҳам трансляциялар ташкил этилди. Шунингдек, Инчхон мезбонлик қиладиган Осиё ўйинларини узатиш борасида иш олиб борилмоқда. Насиб қилса, сентябрь ойида Осиё ўйинлари тўлиғича мухлислар эътиборига ҳавола этилади.
Шу билан бирга, Европадаги кучли чемпионатлар, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси трансляциялари ўта муҳим эканини ҳам тушунамиз. Ҳозирда айни шу масалада музокаралар олиб борилмоқда. Хабарингиз бор, Европада трансляция ҳуқуқи турли медиакорпорацияларга тегишли ва улардан сотиб олишга тўғри келади. Ҳар қандай компания ҳам сифат ва нарх жиҳатидан ўзига маъқул келадиган трансляцияни харид қилишни истайди. Ҳозирда бу борада катта ҳажмдаги иш олиб борилмоқда ва насиб қилса, яқин вақт ичида мухлислар Европа футболидан яна баҳраманд бўлади», — деди Зафар Имомхўжаев.
- Айнан қачон трансляциялар бошланишини айта олмайсизми?- Афсуски, йўқ. Чунки бу иш билан бевосита биз шуғулланмаймиз. Аммо МТРК раҳбарияти, компаниянинг халқаро алоқалар бўлими бу борада қатъият билан иш олиб бормоқда ва яқин кунлар ичида трансляциялар бошланишига умид қилмоқдамиз. Биз ўз мулоҳаза ва таклифларимизни билдирганмиз, шунга қараб, музокаралар давом эттирилмоқда.
- Айнан қайси чемпионатлардан трансляциялар бўлиши режалаштирилган?- Биз асосий урғуни Англия премьер-лигаси, Европа Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасига қаратганмиз. Насиб қилса, бу ўйинлар ҳамюртларимиз эътиборига ҳавола қилинади. Яқин вақтлар ичида ЕЧЛ гуруҳ босқичи бошланади ва бу ўйинлар трансляцияси режага киритилган.
Янги лойиҳалар
- Мана неча йилдирки, «Спорт» телеканалида ўзбек футболига бағишланган кўрсатувлар ичида «Футбол шарҳи» ягона бўлиб қолмоқда. Вилоятлар футболи, ҳакамлар ва бошқа масалаларга бағишланган янги кўрсатувларни ҳам кўрамизми?
- Бу борада иш аллақачон бошлаб юборилган. Раҳматли Давлат Турдалиевнинг ташаббуси билан ҳакамлар фаолиятига бағишланган кўрсатув ташкил қила бошлагандик. Афсуски, Давлат аканинг ўзи бу ишни охирига етказолмади. Биз энди имкон қадар уни давом эттиришга ҳаракат қиламиз. Аммо бу борада муаммолар етарли. Энг каттаси — мутахассислар масаласи бўлиб турибди.
Биласизми, бизда телевидениеда чиқиб, таҳлилий мулоҳаза билдирадиган, учрашувлар давомида юзага келадиган вазиятлар борасида аниқ фикр айта оладиган, шарҳлайдиган, «оқни оқ, қорани қора», дейдиган мутахассислар етишмайди. Айтайлик, ҳакамлар фаолиятига бағишланган кўрсатув ташкил қилишни анчадан буён ўйлаб юрибмиз, аммо ўзбек футболида соҳа вакиллари ҳақида кескин ва оқилона фикр билдирадиган мутахассислар деярли йўқ.
Халқимизда «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди», деган мақол бор. Ҳақ гап. Ҳакамлик борасида фикр олмоқчи бўлсак, ҳеч кимнинг гапиргиси келмайди. Ҳатто хориждаги ҳакамлар ҳақида ҳам фикр билдирмайдилар. Журналист бу борада истаганча гапириши мумкин, аммо мутахассис фикрининг йўриғи бошқа. Уларнинг гапи залворлироқ бўлади. Аммо шундай мард инсонни тополмаяпмиз.
Биласиз, бу йил ПФЛ ва ЎФФ келишилган ўйинларга қарши курашга киришди. Шунга монанд ўйинлар сифати анча ўзгарди. Аммо барибир, ҳакамлик борасида кичик бўлса-да, нуқсонлар учраб турибди. Бундай хатолар ичида ўйин натижасига таъсир ўтказадиганлари ҳам борлиги жуда ачинарли. Бунга қарши курашиш керак, аммо фақат журналист жон куйдиргани етарли эмас. Мутахассислар чиқиш қилиб, ўз фикрларини билдирса, ҳакамлик ишига ўзгариш киритиш осонроқ бўларди. Лекин афсуски, ҳозирча бундай инсонлар кўринмаяпти.
- Демак, янги кўрсатувни анча кутишга тўғри келади...
- Йўқ, янги кўрсатувлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Яқин вақтлар ичида ток-шоу кўринишидаги кўрсатув намойишини бошлаймиз. У тўлиғича мухлисларга аталади. Биз оддий мухлисларни минбарга чиқариб, ўзбек футболи муаммолари ҳақида гапиришга имкон бермоқчимиз. Бу кўрсатув самара келтиришига ишонаман.
Мутахассисларга боғлиқ жиҳат
- Нима учун ўзбек футболи мутахассислари сўзамол эмас? Биргина Бахтиёр Ашурматовни айтмаса, бошқа ҳеч кимни кўрсатолмаймиз. Хорижда эса яхши биламизки, бу борада муаммо йўқ. Сиз «Футбол шарҳи» орқали мутахассислар билан кўп мулоқот қиласиз, айтингчи, бунинг сабаби нимада?
- Айнан мана шу саволни кутиб тургандим. Яхши савол. Худди шу муаммо мени ҳам ғоят қийнайди. Биласизми, бу муаммонинг илдизи анча узоққа бориб тақалади. Ҳозирда ўзбек футболида фаолият юритаётган кўплаб инсонлар соҳа бўйича таълимотни рус тилида олган. Собиқ иттифоқ даврида футбол соҳасидаги таълим рус тилида олиб борилар эди. Футбол терминлари рус тилида ёдланган, фикрлар шу тилда баён қилинган, машғулот олиб борилган. Айни сабаб ҳозирда мутахассисларимиз ўзбек тилида фикр билдиришда қийналади.
Истайсизми ёки йўқ, улар рус тилида фикрлаб, ўзбекчада гапиришга мажбур. Бахтиёр Ашурматов, Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов сингари ўзбек тилида равон гапирадиганлар кам. Ҳа, «Футбол шарҳи» кўрсатуви орқали кўплаб мутахассислар билан мулоқотда бўлганман. Деярли ҳамма рус тилида гапиришга рухсат сўрайди. Аммо ўзбек тили аудиторияси учун рус тилида гапириш — тўғри эмас.
Истисно тариқасида баъзи мутахассисларга рус тилида гапиришга рухсат берган эдик, бу ҳолат мухлислар норозилигига сабаб бўлди. Рустам Акрамов, Ислом Аҳмедов, Азамат Абдураимов — бу инсонлар жуда теран фикрлайди, уста нотиқлар. Аммо муаммо шундаки, ўзбек тилида равон гапиролмайди. Ҳатто оддий мулоқотда ўзбекчада бемалол тиллаша оладиганлар ҳам футбол учрашуви ҳақида расмий фикр билдиришга келганда, русча гапиришга изн сўрайди. Ўз вақтида Равшан Бозоров, Рустам Дўрмонов билан шундай бўлган эди. Кўриб турганингиздек, муаммо жиддий. Аммо вақти келиб, у ўз ечимини топади, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, янги авлод етишиб келмоқда...
- Яхши биламиз, «Россия 2» телеканалининг футбол йўналиши бўйича ўз мутахассислари бор. Ҳар қандай учрашув якунига етгани ҳамоно Ловчев ва Бубнов каби экспертлар дарҳол ўз фикрларини билдиради. «Спорт» телеканалида ҳам шундай мутахассислар фаолиятини йўлга қўйса бўлмайдими?
- Бунга бир неча бор уриниб кўрганмиз. Баъзи мутахассисларга мурожаат қилиб, улар билан шартнома имзолаш ва экспертлик иши учун маош белгилаш таклифини ҳам билдирдик. Аммо ҳар сафар рад жавобини олдик. Билмадим, бизда андиша кучлими ёки бошқа сабаблар бор, рози бўлишмайди. Шу ўринда пайтдан фойдаланиб, футбол соҳасида фаолият юритаётган барча инсонларга мурожаат қилмоқчи эдим. Оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилиш, фикр билдириш ва интервью бериш ишингизнинг бир қисми ҳисобланади.
Футбол — мухлислар учун ва унда меҳнат қилаётган ҳар қандай инсон нафақат телевидение ва радио, балки газеталар, интернет сайтлари орқали ҳам чиқиш қилиб туришлари шарт. Мажбурлар! Фақат шундагина футболни ривожлантириш мумкин. Баъзан «Футбол шарҳи» кўрсатувига таклиф қилинган кишилардан рад жавобини оламиз. Бу нотўғри, ахир. Ҳа, қўнғироқ қилганимизда «Албатта, кўрсатувда қатнашаман. Чунки бу — ишимнинг бир қисмидир», — дейдиганлар ҳам бор. Аммо жуда кам. Аксарият футболчи ва мураббийларда тортиниш ҳисси кучли.
Мен шарҳловчилар орасида бевосита спорт соҳасидан етишиб чиққанлар кўпайишини истардим. Масалан, Европада бундайлар жуда кўп. Бизда эса бармоқ билан санарли. Йўқ эмас, бор, аммо жуда кам. Масалан, Акрам Тошхўжаев шахмат билан шуғулланган, Рихситилла Умаров волейболчи сифатида фаолият юритган, Ғанишер Раҳматуллаев теннис соҳаси устаси, бугунги кунда ҳам мураббийлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Шунингдек, ўзим ҳам футболчи бўлганман. Аммо бу етарли эмас. Истардимки, шарҳловчилик соҳасида спортчиларнинг ўрни ошса...
Оғриқ нуқта – Олий лига
- «Спорт» телеканалидаги асосий муаммолардан яна бири — олий лига ўйинлари трансляцияси. Пойтахтдаги ўйинларда бундай муаммо йўқ, аммо вилоятларда...
- Дарҳақиқат, биз учун жуда оғриқли муаммони кўтардингиз. Телеканалимиздаги энг асосий камчилик — олий лига ўйинлари трансляцияси эканини яхши биламиз. Трансляциялар кўлами пойтахтдаги ўйинлар билан чекланиб қолаётгани, вилоятларда бўладиган футболни ёритишдаги муаммолар — бизнинг энг оғриқли нуқтамиз. Ҳозирда бу муаммони ҳал қилишда бир қатор ишлар бошлаб юборилган. Европадаги кучли биринчиликлар трансляцияси камайиб қолган бир вақтда олий лига ўйинларини тўлиқ ёритиш зарурияти ошишини тушуниб турибмиз.
Бу борада ЎФФ билан ҳамкорликни янада яхшироқ йўлга қўйишга интилмоқдамиз. Хусусан, олий лига клублари қошида кичик кўчма телевизион станциялар ташкил этишни таклиф этдик. ЎФФ президенти Мираброр Усмонов бу таклифни қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, бошқа чора-тадбирлар ҳам қўлланиляпти. МТРК раҳбарияти бу масалага жиддий эътибор қаратган ва олий лига ўйинлари трансляциясини тўлиқ намойиш этиш талабини қўймоқда.
Иккинчи даврадан эътиборан трансляциялар сонини ошириш режалаштирилган. Марказий учрашувларнинг барчаси «Спорт» орқали намойиш қилинади. Нафақат пойтахт, балки Қарши, Бухоро, Навоий, Наманган ва Олмалиқ каби шаҳарларда бўладиган ўйинлар трансляцияси режага киритилган. Вилоятлардаги ўйинлар ҳеч бўлмаса, ёзиб олинган ҳолда намойиш этилади. Бу — иккинчи даврада амалга ошириши кўзда тутилган режалар. Насиб қилса, 2015 йилги мавсумдан эътиборан олий лига учрашувлари трансляцияси кўпайиши аниқ. Худога шукр, ҳозирда стадионларимиз ҳолати анча яхши. Илгари эрта баҳорда Олмалиқ, Муборак, Наманган, Бухоро, Самарқанддаги ўйинларни трансляция қилиш имконсиз эди. Майса деярли йўқлиги боис, майдон анча кўримсиз бўларди. Ҳозир бу муаммо деярли қолмаган, ям-яшил майдондан трансляция ташкил қилиш эса анча ёқимли.
Шунингдек, стадионларга мухлислар ташрифи борасида ҳам муаммолар етарли. Бўш трибуналар қаршисида ўтказиладиган ўйинлар трансляцияси анча кўримсиз чиқади. Европадаги трансляциялар сифатини ошириб берадиган жиҳат ҳам мухлислар шовқини ҳисобланади. Телевидение тилида бу «интершум», деб аталади. Фақат футболчи ва мураббийлар овози эшитилиб турадиган трансляция сифати паст бўлади. Шу сабабли клубларимиздан илтимос қилардик, мухлислар ташрифини ошириш борасида кўпроқ ишласалар. Ҳозирда бу борада «Пахтакор» қўллаётган чора-тадбирлар анча салмоқли. Бунинг учун жамоа менежери Самвел Бабаянга раҳмат. Бошқа жамоалар ҳам «Пахтакор»дан ўрнак олса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Изоҳ (0)