Европа Иттифоқи Украина воқеалари туфайли Россияга қарши иқтисодий санкцияларни 8 сентябрь куни кенгайтиришни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Европа кенгаши президенти Херман ван Ромпейнинг Европа комиссияси президенти Жозе Мануэль Баррозу билан ҳамкорликдаги мактубига таяниб, «Сегодня» хабар бермоқда.
Мактубга кўра, 3 сентябрь куни Еврокомиссия ва Европа ташқи сиёсий фаолияти хизмати Евроиттифоққа аъзо мамлакатларнинг доимий вакиллари қўмитасига капитал бозори, мудофаа соҳаси, икки мақсадда ишлатиладиган маҳсулотлар ва таъсирчан технологиялар киришига тааллуқли кучайтирилган чораларни тақдим этди.
Бундан ташқари, қора рўйхатдан жой олган жисмоний шахслар миқдори ҳам кўпайтирилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, Донбасс ва Қрим ҳукуматлари вакиллари, россиялик бир қатор мансабдор шахслар ва тадбиркорларга қарши санкция жорий этилади.
«Янги санкциялар Россиянинг Украина барқарорлигини бузиш борасидаги ҳаракатларига қарши қаратилган», — дейилади мактубда.
Мазкур санкцияларни жорий этиш масаласи 8 сентябрь куни кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Европа Иттифоқи Россияга қарши турли соҳаларга оид санкциялар киритилишини 31 июль куни маъқуллаган эди.
Изоҳ (0)