Австралиянинг Бонд университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот ишларида акулалар аёлларга нисбатан эркакларга тўққиз бор кўпроқ ҳамла қилиши аниқланди. Бу ҳақда «Российская Газета» хабар бермоқда.
Олимлар тадқиқот давомида бутун дунё бўйича акулалар иштирокида содир бўлган бахтсиз воқеаларни ўрганиб чиқди ва уларнинг 84 фоизида эркакларга ҳужум қилинганини аниқлади.
NEWSru.com'нинг ёзишича, эркаклар кўп вақтини сувда ўтказгани учун ҳам уларда бахтсиз ҳодиса хавфи юқори бўлади.
Австралия акула ҳужуми қурбонлари сони бўйича биринчи ўринни эгаллади. Сўнгги 30 йил ичида мазкур йиртқич балиқлар бу мамлакат аҳолисига 171 бор ҳужум қилган, шундан 32 таси ўлим билан якунланган. Бу кўрсаткич Австралия атрофида жуда хавфли акулалар сузиши билан боғлиқдир. Жанубий Африкада эса ҳужумлар миқдори 132 та, ўлимлар сони 28 тани ташкил этди.
АҚШда акулалар 769 кишига ҳамла қилган бўлса, улардан 25 нафари ҳалок бўлган. Шу боис тадқиқот натижалари АҚШда акулалар ҳамласи натижасида содир бўлган ўлим энг кам — бор-йўғи 3,6 фоиз эканлигини кўрсатди. Бу АҚШ ҳавзасида майда акулалар сузиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, тадқиқотчилар айтишича, одамларнинг ўзи акулаларнинг бошига уриб қўйиш ва қармоқ илгагини чиқариш учун қўлни акула оғзига тиқиш каби ҳаракатлар орқали йиртқич балиқларни ҳамла қилишга мажбур қилади.
Изоҳ (0)