АҚШнинг Колорадо-Спрингс шаҳрида паралимпиячилар ўртасида дзюдо кураши бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари бошланди. Мазкур жаҳон чемпионатида 81 давлатдан келган 500 нафардан зиёд спортчи жаҳон чемпионатининг совринли ўринлари ҳамда 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмаларининг рейтинг очколари учун кураш олиб боради, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини 15 нафар спортчи (10 вазн тоифасида) ҳимоя қилмоқда.
Эътиборлиси, жаҳон чемпионатининг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон дзюдочилари иккита кумуш ва учта бронза медалга сазовор бўлди. Вазни 60 килограммгача бўлган полвонлар мусобақасида бухоролик Шуҳрат Бафоев Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига дастлабки кумуш медални келтирган бўлса, самарқандлик Ўткир Ниғматов (-66 кг) ҳам ўз вазн тоифасида финалга қадар кечган баҳсларни мағлубиятсиз якунлаб, кумуш медаль совриндори бўлди. Жаҳон чемпионатининг бронза медалларига Шерзод Намозов (-60 кг), Нурбек Бердиёров (-66 кг) ва Феруз Саидов (-73 кг) сазовор бўлди.
Бугун Ўзбекистоннинг тўрт нафар вакили -81, -90, -100 ва +100 кг вазн тоифасида ўтказиладиган мусобақаларда гиламга тушади.
Изоҳ (0)