2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди.Ушбу Қонун асосида «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга ҳам қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар берди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.
Унга кўра, эндиликда йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловни, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Қонун асосида кимлар Марказий сайлов комиссияси аъзоси бўла олмаслиги ҳам белгилаб қўйилди. Унга кўра, қуйидаги шахслар Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас:
- оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;
- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари;
- Миллий хавфсизлик хизматининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;
- диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.
Изоҳ (0)