Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Қизилқум фосфорит мажмуасининг иккинчи босқичи ишга туширилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати муттасил ошиб бормоқда. Ўзбекистон раҳбарининг 2012 йил 10 апрелда қабул қилинган «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
Умумий қиймати 59,9 миллион долларлик сармоя эвазига Германиянинг Engineering Dobersek GmBH компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган мажмуанинг иккинчи навбатида фосфорит рудасидан юқори сифатли куйдирилган фосфорит консентратлари тайёрлаш ҳажми йилига 716 минг тоннага етказилади. Бу ишлаб чиқариш суръатини қарийб икки баробар ошириб, қўшимча 136 янги иш ўрни яратиш имконини беради.
«Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонада асосан ёшлар меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнларининг тўлиқ автоматлаштирилгани иш суръатининг ошишида муҳим омил бўлмоқда», — деди мажмуа бўлим бошлиғи Жасур Абдуллаев.
Изоҳ (0)