Ўзбекистон терма жамоаси ва «Локомотив» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов яна бир бор россиялик журналистлар томонидан Ўзбекистон ҳақида берилган саволларга жавоб берди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Футболчи интервью берар экан, вақти бўлиши билан тренажёр залига бориб, асосан, велосипедда машқ қилишини, бундан ташқари, баъзан хиёбонда югуришини айтди. «Югуриш йўлакчасини ёмон кўраман, чунки у қаттиқ бўлгани учун мушаклар зўриқиб қолади», — дейди Денисов.
Футболчи Ўзбекистон, умуман, бутун Ўрта Осиёдан кўпчилик Россияга ишлаш учун бориши ҳақида берилган саволга «Биздан фақат Россияга эмас, балки бошқа ўлкаларга ҳам ишлаш учун боришади. Кўпчилик Осиё давлатларига боради. Мен Амирликлар, Хитой ва Германияда кўплаб ватандошларимни учратганман. Россияга кўп келишларининг сабаби эса, тил масаласида муаммо йўқлиги бўлса керак. Боз устига яшаш учун жой топиш ҳам осонроқ. Мен болаликдан бирга ўсган дўстларим билан суҳбатлашиб тураман, улар Амирликларда ишлайди», — деб жавоб берди.
Ўзбекистон мевалари ҳақида фикр билдирар экан, Денисов Ўзбекистоннинг барча мевасини, айниқса, қовун ва тарвузни сотиб олиб, татиб кўришни маслаҳат берди: «Биздаги қовун-тарвуздан мазалироғини ҳеч қаерда кўрмайсиз!»
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Бразилия ва АҚШга бориб кўриш, Нью-Йорк ва Лас-Вегасда меҳмон бўлиш истаги борлигини айтиб ўтди. «У ердаги тунги шаҳарни кўришни орзу қиламан. Казино? Йўқ, мен пул тикишга берилиб кетадиган одам эмасман, умрим давомида уч мартагина казинога кирганман. Аммо ютқазмаганман. Дўстларимнинг шарофати билан, албатта», — дейди Денисов.
Изоҳ (0)