АҚШда AK-47 автоматларининг барча захираси сотилиб кетилишига оз қолди. Барак Обаманинг Россия автоматлари келтирилишини тақиқлаб қўйиши АҚШ аҳолиси ўртасида AK-47 қуролига бўлган талабнинг сезиларли даражада ўсишига олиб келди. Бу ҳақда The Washington Post нашрига таяниб, «Вести» хабар бермоқда.
Россияга қарши санкция жорий қилганда Барак Обама AK-47 қуролларининг ҳам келтирилишига эмбарго қўйди. Мазкур тақиқ эълон қилингандан уч сутка ўтиб, автомат сотувда деярли қолмади.
Энг қизиғи, америкаликлар айнан Россиянинг «Калашников» заводида ишлаб чиқарилган қуролларни сотиб олмоқда, деб маълум қилди «Россия 24» телеканали. АҚШда «Калашников» заводи қуроллари энг яхши ва юқори сифатли деб баҳоланади.
Маълумотларга кўра, ҳар бирининг нархи 1000 доллардан зиёд эканлигига қарамай, одамлар 8—10 талаб автомат харид қилмоқда.
Интернетда қурол савдоси билан шуғулланувчи Лос-Анжелесдаги K-Var Corp. компанияси менежери Роберт Келлер омборда автомат қолмаганини маълум қилди. «Биз ‘Калашников’ маҳсулотларининг баъзи турларини етказиб беряпмиз. Улар жуда тез сотилмоқда», — дейди Келлер. Унинг сўзларига кўра, AK-47 қуролларига нисбатан талаб айнан янги санкция жорий этилгач кучайган.
Бироқ тақиққа қарамай, бир қанча америкаликларга бундай автоматларга эга бўлиш ва ҳатто уларни сотиш ҳуқуқи ҳам берилган.
Россия президенти мазкур санкция АҚШнинг ўзига зарар келтириши ва Россия — АҚШ муносабатларини боши берк кўчага олиб киришини қайд этди.
Изоҳ (0)