2014 йил 31 август куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғига Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ташриф буюрди.
Тадбирни очиб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов минбарга таклиф этилди.
Ислом Каримов мустақилликнинг йигирма уч йиллиги билан бутун Ўзбекистон халқини муборакбод этди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграгач, Амир Темурнинг авлодларига Ватанни ҳурлик ва ободликка элтишни, миллат дардларига дармон бўлишни васият қилган овози эшитилди. Бу даъват ва эзгу ниятнинг ижобати сифатида мониторларда Президент Ислом Каримов 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилган тасвирлар намоён бўлди.
Байрам тантаналарини шодликка тўлдирган болажонларнинг қўшиқлари давом эттирди.
Саҳнага яқинда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида ғолиб бўлган ёш спортчилар кириб келади.
Ҳарбий оркестр садолари остида майдонда Ватан ҳимоячилари саф тортди. Мустақилликнинг мустаҳкам қалқонлари «Тинчлигинг асраймиз, муқаддас Ватан!» дея куйлади.
Саҳна ортидан ўқилган «Ким эдигу ким бўлдик?» шеъри ўқилаётганда мониторларда Ўзбекистоннинг зафарли одимлари, йигирма уч йиллик тарих зарварақлари, бетакрор табиат, меҳнатсевар Ўзбекистон халқи сиймоси акс этди.
«Ўзбекистон мустақиллиги байрамида яна бир бор иштирок этаётганимдан мамнунман, — дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе. — Байрам тантанасидаги кўтаринки руҳ, одамлар юз-кўзидаги қувонч ва шодлик юртингиздаги тўкинлик, фаровонлик, тинч ва осуда ҳаёт ифодасидир. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман, бахт-саодат тилайман!»
Изоҳ (0)