Туркманистон жорий йилнинг сўнгига қадар ўзининг миллий алоқа космик тизимини йўлга қўйиш ва биринчи йўлдошини фазога учириш учун жадал суръатларда иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Туркманистон ҳукумати томонидан жума куни тарқатилган ахборотга таяниб, «Хроника Туркменистана» нашри хабар бермоқда.
Лойиҳа француз-италян Thales Alenia Space ҳамда Space Systems International-Monaco S.A.M. компаниялари томонидан амалга оширилмоқда.
«2014 йил иккинчи ярмида учирилиши режалаштирилган, бир қанча мақсадга йўналтирилган ўзимизнинг космик қурилмамиздан фойдаланиш сифатли ва ишончли алоқани йўлга қўйиш ҳамда каналлар сонини кўпайтириш имконини беради. Шунинг билан биргаликда у иқтисодий фойда келтирадиган қадам ҳамдир», — дейилади Туркманистон ҳукумати баёнотида.
Маълум қилинишича, айни дамда керакли ускуналарни монтаж қилиш жараёни якунланган бўлиб, йўлдошнинг ишчи моделлари синовдан ўтказилмоқда.
Йўлдошнинг учирилиши фазо билан боғлиқ илмий тадқиқот ишларини олиб боришни ҳам кўзда тутади. Шунингдек, у алоқа ва интернет, телевидение ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Мамлакатнинг географик жойлашуви сабабли янги сунъий йўлдош Туркманистонга Европа ва Осиё каналларини намойиш этишда транзит мамлакатга айланиш имконини ҳам беради.
Изоҳ (0)