Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг «Самарқанд» ТИФ ва «Улуғбек» ТИФ божхона пости ходимлари томонидан «Экспорт» божхона режимига расмийлаштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини божхона назоратидан ўтказиш давомида бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси.
Жумладан, «Нафис Агро Саноат» масъулияти чекланган жамиятининг бир қатор моддий жавобгар шахслари Эронга юборилаётган 19,5 тонна тозаланган ёнғоқ мағизлари орасида юк-кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган салкам уч тонна тозаланган писта мағизларини қалбаки ҳужжатлар асосида олиб чиқиш учун расмийлаштирмоқчи бўлган вақтларида тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, мазкур МЧЖнинг «учар тадбиркорлар»и Хитойга юборилаётган 26 тонна биринчи навли қора майиз маҳсулотини иккинчи нав сифатида кўрсатиб, нархини пасайтириш мақсадида қалбаки ҳужжатлар асосида расмийлаштиришга урингани фош қилинди.
Мазкур ҳолатлар бўйича вилоят божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказиш учун тергов органларига юборилди.
Яқинда қонунбузарларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Унга кўра, қонунбузарлар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига энг кам иш ҳақининг 310 баравари миқдорида жарима жазолари тайинланди. Шунингдек, ашёвий далил деб топилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари давлат эгалигига ўтказилди.
Изоҳ (0)