Американинг Юта штати Федерал суди кўп хотинли бўлишга рухсат берди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.
Округ прокурори кўп хотинли телеюлдуз Коди Браунга қарши жиноий иш қўзғатиш билан таҳдид қилганидан сўнг, у судга мурожаат қилган. Суд ишни кўриб чиқиб, бир қарорга келгунига қадар, Браун, эҳтиёт шарт, оиласи билан аҳолиси кўпхотинликка унчалик ҳам эътибор бермайдиган Лас-Вегас шаҳри (Невада штати)га кўчиб ўтди.
Судья Кларк Воддупс юлдузнинг даъвосини қаноатлантирди. У Юта штатидаги икки ва ундан кўп инсон билан оила қуришни тақиқловчи қонун АҚШ Конституциясига киритилган виждон эркинлиги тўғрисидаги биринчи ўзгартиришга зид эканлигини маълум қилди. Бундан ташқари, судья мазкур тақиқ Конституцияга киритилган 14-ўзгартиришига ҳам тўғри келмаслигини таъкидлади. Мазкур ўзгартириш штат ҳукуматига ҳеч қандай ҳуқуқий манбага асосланмаган ҳолда фуқароларнинг озодлик ва мулкидан маҳрум қилишни тақиқлайди.
Юта штатининг Бош прокурори Шон Рейес суд ҳукми устидан шикоят қилишини маълум қилди.
Маълумот учун, Коди Браун АҚШда машҳур бўлган Sister Wives шоусининг асосий қаҳрамони ҳисобланиб, унда мухлислар Брауннинг тўрт нафар хотини ва 17 нафар боласи билан кечадиган ҳар кунлик ҳаётини кузатиб боради.
Изоҳ (0)