25 август куни Самарқанд вилояти Ургут шаҳрида янги маданият ва истироҳат боғи очилди. Унинг диққатга сазовор жойларидан бири Ўзбекистонда «тенги йўқ» фаввора бўлди, деб маълум қилди «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлиги.
Ўзбекистондаги British American Tobacco компанияси собиқ буюм бозори ўрнида барпо этилган Ургут истироҳат боғи учун 1,2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратди.
10 дан зиёд дарахт турлари, шу жумладан, экзотик ўсимликлар экилган боғ ҳудудида 2600 ўринли амфитеатр ҳам қурилган. Шунингдек, бу ерда катта ўйин маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, унга аста-секинлик билан янги ўйин автоматлари ўрнатилади.
Айни дамда Ургут шаҳри марказида жойлашган маданият ва истироҳат боғининг майдони етти гектарни ташкил этади. Муассаса ходимлари боғни кенгайтириш орқали унинг ҳудудини 10 гектаргача етказишни режалаштирган.
Боғ ҳудудидаги фаввора Италия фавворалари лойиҳаларини ўрганиб чиқиш асосида қурилган бўлиб, унга сув 13 насос орқали етказиб берилади. Фаввора 80 га яқин кўринишда рақсга тушади.
Маданият ва истироҳат боғига аста-секинлик билан турли аттракционлар ўрнатилиши режалаштирилган. Хусусан, 2015 йил боғ ҳудудида баландлиги 42 метрни ташкил этадиган «Чархпалак» қад кўтариши режага киритилган. Унинг мамлакат боғларидаги «Чархпалак»лар орасида энг баланд аттракционлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)