Mozilla ҳамда Intex Technologies компаниялари ҳамкорликда Firefox операцион тизимида ишлайдиган Cloud FX смартфонини тақдим этди. Бу ҳақда Mail.Ru маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Смартфон Ҳиндистонда 33 доллардан сотилмоқда. Ушбу смартфонда 3,5 дюйм 480×320 пикселли дисплей, 1 ГГц частотага эга бир ядроли Spreadtrum процессори, 2 мегапикселли камера, 128 Мб тезкор ва 4 гигабайтгача кенгайтириш мумкин бўлган 256 Мб ички хотира, 1250 мА·соат қувватга эга батарея ўрнатилган.
Унда GPS ёки 3G йўқ, интернетга Wi-Fi ёки EDGE модули орқали уланади. У икки SIM-картали смартфон бўлиб, ўлчамлари 115,9×62×11,8 миллиметрни, оғирлиги эса 104 граммни ташкил этади.
Шунингдек, бугунги кунда Firefox операцион тизимида ишлайдиган смартфонлар юклаб олиши мумкин бўлган 1000 та дастур мавжуд.
Google компанияси ҳам Ҳиндистонда кейинги ҳафтадан Android One лойиҳаси асосида арзон смартфонларини тақдим этиши мумкин. Бироқ, Android One смартфонларининг нархи 115–165 доллар бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)