Бугун Боку шаҳрида Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Мазкур тадбирнинг биринчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди ва журналистлар саволига жавоб берди.
«Бу ўйин тайёргарлик сифатида биз учун ҳам, Озарбайжон учун ҳам жуда аҳамиятли. Рақиб Европа чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда, биз эса Осиё ўйинларида ўйнашимиз керак. Шу сабабли захира футболчиларини синаб кўрмоқчимиз, халқаро ўйинлар биз учун кўп нарса бериши муқаррар», — деб қайд этди Миржалол Қосимов.
Савол: Озарбайжон терма жамоаси таркибида «Нефтчи» ва «Қорабоғ» футболчилари ўйнамайди. Сиз учун бу яхшими?Жавоб: Сизнинг жамоангизнинг ўз режалари бор, бизнинг ўз режамиз бор. «Қорабоғ» пайшанба куни Голландиянинг «Твенте» клубига қарши ўйнашини биламан. «Нефтчи» ҳам Европа лигаси ўйинлари билан банд.
Савол: Европа чемпионати саралаш босқичида иштирок этаётган Озарбайжон терма жамоаси тушган гуруҳ ҳақида нима дея оласиз?Жавоб: Тўғрисини айтсам, Озарбайжонга бу гуруҳда қийин бўлиши аниқ. У ерда жуда кучли жамоалар жам бўлган.
Савол: Озарбайжон футболчиларидан бирортаси билан танишмисиз?Жавоб: Ҳа, мен ўз вақтида Нозим Сулейманов ва Ариф Асадовлар билан бирга ўйнаганман. Нозим ажойиб футболчи эди. Озарбайжонликлар ҳар доим яхши ўйин намойиш қиларди. Сизнинг жамоангизни бирор Осиё жамоаси билан солиштириш жуда қийин.
Савол: Ҳозирги футболчилардан бирортасини биласизми?Жавоб: АҚШ терма жамоасига қарши кечган баҳсда 4 ва 7-рақамли футболчиларнинг ўйини менга ёқди (Моҳир Шукуров ва Вагиф Жавадов).
Савол: Натижа сиз учун муҳимми?Жавоб: Натижа ҳар доим муҳим бўлган.
Савол: Эртага захира таркибини синовдан ўтказасизми ёки асосий таркиб майдонга тушадими?Жавоб: Биз 20 нафар футболчи билан ташриф буюрганмиз. Ҳамма тайёргарлик кўрмоқда. Асосий таркиб ҳозирдан маълум. Футболчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини ошириш билан машғул бўламиз. Тайёргарлик кўрамиз. Бизни ҳали Иордания ва Янги Зеландия билан бўладиган ўйинлар ҳам кутиб турибди.
Савол: Нима сабабдан таркибда Баҳодир Насимов йўқ?Жавоб: Биз Осиё ўйинларига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Баҳодирнинг эса ўйин амалиёти йўқ. У ҳозирча клубсиз бўлиб турибди. Аммо у ҳозир таркибда йўқ бўлса-да, терма жамоа футболчиси ҳисобланади.
Савол: Озарбайжон терма жамоаси Осиёда ўйнаганда, нимага умид қилса бўлар эди?Жавоб: Озарбайжон анча яхши натижаларга эришган бўларди. Мен кўрган ўйинлар бўйича айтадиган бўлсак, юқори ўринлар учун курашиши аниқ эди. Сентябрда саралаш ўйинларида иштирок этасиз ва мен жамоангизга омад тилайман. Умид қиламанки, Европа чемпионати йўлланмасини қўлга киритасиз.
Изоҳ (0)