«Челси» ҳимоячиси Жон Терри Ice Bucket Challenge акциясида иштирок этди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Жон Терри Ice Bucket Challenge акцияси доирасида муздек сувга чўмилгач, футболчилар Жон Оби Микел ва Фрэнк Лэмпард, шунингдек, «Челси»нинг собиқ бош мураббийи Рафаэль Бенитесни ҳам шундай йўл тутишга ёки хайрия жамғармасига пул ўтказишга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу акцияга кўра машҳур инсонлар ўз устидан муздек сув қуйиб, дўстларига шундай қилишни ёки хайрия жамғармасига пул ўтказишни таклиф қилиши лозим. Ҳозирга қадар футболчилардан Роналду ва Дани Алвес, Facebook асосчиси Марк Цукерберг, Microsoft асосчиси Билл Гейц ҳамда Apple компаниясининг раҳбари Тим Кукнинг тадбир иштирокчиларига айланганини маълум қилган эдик.
Хайриядан тушадиган маблағ амиотрофик склероз — Лу Гериг касаллигига чалинганларга сарфланади. Бу касаллик одамнинг бош мия системасига таъсир қилиб, кейинчалик фалажликка олиб келиши мумкин.
Изоҳ (0)