Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва бошқа мансабдор шахсларнинг Киев билан келишмаган ҳолда Қримга ташриф буюргани учун Россияга нисбатан қатъий норозилик билдирди. Бу ҳақда «Сегодня» хабар бермоқда.
Ташқи сиёсат қўмитаси ахборот хизмати томонидан пайшанба куни кечқурун тарқатилган хабарда «Украина Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик демаршни амалга оширди ва Россия томонга Украина билан келишмай 13—14 август кунлари Владимир Путин ва россиялик бошқа мансабдор шахсларнинг Украинанинг вақтинча ишғол қилинган ҳудуди — Қрим Автоном Республикаси ва Севастополь шаҳрига ташриф буюргани юзасидан қатъий норозилик билдирди», — дейилади.
ТИВ ходимлари Украина томонидан берилган огоҳлантиришларга қарамай амалга оширилган мазкур қадам Россиянинг Украина давлат суверенитети, БМТ Низоми, БМТ Бош Ассамблеясининг «Украина ҳудуди яхлитлиги» тўғрисидаги резолюцияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси резолюциялари ҳамда икки ва кўп томонлама мажбуриятларни ҳурмат қилмаслигини англатишини таъкидлади.
Украина россиялик мансабдор шахсларнинг Қрим Автоном Республикаси ва Севастополь шаҳрига мазкур ва бошқа келишилмаган ташрифи Украинанинг вақтинча ишғол қилинган ҳудудида ноқонуний «ҳукумат органлари»ни қонунийлаштиришга қаратилган омадсиз уриниши эканлигини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат думаси депутатлари маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш учун 12 августдаёқ Қримга келган, асосий тадбир 14 августга режалаштирилган эди.
Изоҳ (0)