«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида пайдо бўлган навбатларни изоҳлади. Бу ҳақда компаниянинг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ёқилғи қуйиш шохобчаларида пайдо бўлган навбатлар аҳоли ўртасида бензиннинг етарли эмаслиги ва унинг нархи ошиши ҳақида миш-мишларни келтириб чиқарди.
«Бу эса ҳақиқатга тўғри келмайди, — дейилади компания ахборотида. — ‘Ўзнефтмаҳсулот’ акциядорлик компанияси бутун масъулиятни ҳис қилган ҳолда шуни маълум қиладики, республикамизда ёнилғи-мой маҳсулотлари билан муаммо йўқ. Республикамизда ёнилғи-мой маҳсулотларининг халқаро талабларга жавоб берадиган барча турлари ишлаб чиқарилмоқда.»
«Айни дамда эса аҳолининг автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ ва тўхтовсиз қондириш бўйича барча керакли чоралар амалга оширилмоқда. Шунинг учун, ҳурматли юртдошлар, сизлардан ваҳимага тушмаслик, шунингдек, автобензин камайиши ва унинг нархи ошиши билан боғлиқ турли гап-сўзга ишонмасликни сўраймиз», — дейилади компания хабарида.
Изоҳ (0)