Москва марказидаги Бош универсал дўкон («ГУМ»)да Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг сурати туширилган футболкалар сотувга чиқди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Ёшларнинг Anyavanya брендига қарашли мазкур футболкаларни харид қилишни истаганлар савдо бошланишидан бир соат аввал навбатга туриб олди. Айни дамда Россия бокс федерацияси таклифи асосида расмий ташриф билан Москвада бўлиб турган америкалик актёр Микки Рурк ҳам навбатдан жой олди.
Бренд дизайнерлари Анна Трифонова ва Иван Ершовнинг сўзларига кўра, «Ҳаммаси жойида» («Всё путём») либослар тўплами сўнгги вақтларда Россиянинг жаҳон миқёсида эришаётган ғалабалари, хусусан, Сочи олимпиадасидаги Россия термаси қўлга киритган ғалабалар, Паралимпия ўйинларидаги ғалаба, Қримнинг Россия билан бирлашгани, хоккей бўйича жаҳон чемпионатида эришилган ғалаба кабиларга бағишланган.
Акция учун «ГУМ»нинг иккинчи йўлаги бошида атрофи қайин дарахти билан ўралган махсус платформа ўрнатилди. Дарахтнинг оппоқ поясига «Ватанда тайёрланган» («Сделано на Родине») деб ёзилган тахтача илиб қўйилди. Иван Ершовнинг айтишича, бу «тўпламнинг моҳиятини англатади». Негаки қайин Россия тимсолларидан биридир.
«ГУМ»да тўплам либослари илк бор июнь ойининг бошида сотувга чиқиб, бир неча соатда 5000 нусханинг барчаси сотиб бўлинган. Бу сафар орасида ҳарбийлар ва денгизчилар бош кийимини кийиб тушган Путиннинг расми туширилган футболкалар бўлган 7000 га яқин либос сотилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, улар орасида президентнинг ҳарбий кийимда отда ўтирган ҳолати туширилган ва «Бизни қувиб етишолмайди» («Нас не догонят») деб битилган ёзувли футболкалар, қора кўзойнак таққан ҳолатига «Одамларнинг энг хушмуомаласи» («Samiй вежливий из людей») деб ном берилган либослар ҳам бор.
Бундан ташқари, тўпламдан iPhone учун икки хил суратли ғилофлар ҳам жой олган. Футболканинг нархи 1200 рубль (тақрибан 33 доллар), ғилофники эса 600 рубль (17 доллар атрофида)ни ташкил этади.
Изоҳ (0)