Австралиянинг Перт шаҳридаги шаҳар атрофи поездинининг ўнлаб йўловчилари биргаликда ҳаракат қилиб, оёғи платформа ва вагон орасига тиқилиб қолган эркакни чиқариб олди. Бу ҳақда «Кун» хабар бермоқда.
Бунинг учун улар вагонлардан чиқиб, биргаликда, бир вақтда вагонни ён томонга оғдиришларига тўғри келди. Платформадаги кузатув камерасига ёзиб олинган ҳодиса интернетга жойлаштирилди.
Видеоёзувда поездга чиқаётган йўловчи оёғини платформа ва вагон орасидаги бўшлиққа тушиб кетганини кўриш мумкин. Ҳодиса ҳақида зудлик билан станция ходимлари ва машинистга хабар берилган.
Ёрдамга чақирилган станция ходими ўзи мустақил равишда йўловчини тешикдан чиқариб ололмагач, поезд йўловчилари вазиятни қўлга олган.
Одамлар оғирлиги бир неча ўн тонна бўлган вагон олдида бир қатор бўлиб тизилиб, уни қўллари билан ён томонга оғдирган. Натижада йўловчи «қопқон»дан қутилиб чиққан, ҳодиса иштирокчилари ва буни кузатиб турганлар эса қарсаклар билан олқишлаган.
Изоҳ (0)