Туркия президентлигига ўз номзодини қўйган, айни дамда мамлакат Бош вазири лавозимида фаолият юритаётган Ражаб Тойиб Эрдўған сайловолди митингда америкалик конгрессменлардан «ғалати мактуб» олганини маълум қилди. Бу ҳақда «Российская газета» хабар бермоқда.
Мактубга имзо қўйганлар АҚШнинг ҳам республика, ҳам демократик партиясини ҳимоя қилувчи «Туркия билан дўстлик» гуруҳи вакиллари экани қайд этилди.
Эрдўғаннинг айтишича, Туркия Вазирлар маҳкамаси вакилининг араб-исроил муаммоларига билдирган фикрлари учун мактуб орқали унга таҳдид қилинган.
Хусусан, номада Бош вазирнинг Исроил ёввойиликда Гитлердан ҳам ўтиб тушганини айтгани, шунингдек, Анқаранинг Тел-Авивни «Фаластинга қарши давлат террори» олиб бораётганликда айблагани ёдга олиниб, бундай баёнотнинг мақбул эмаслиги таъкидланган. Эрдўған конгрессменларнинг мактубга яраша жавоб олишини маълум қилди.
Туркия ОАВлари Вашингтондан келган хатнинг ўзини ҳам эълон қилди. Унда «Туркия дўстлари» Эрдўған Исроилга нисбатан иғво гаплар айтгани учун Конгресс нигоҳида мамлакатнинг ижобий тимсоли шаклланиши ва Америка — Туркия лойиҳалари ривожланишининг қийин кечишига шама қилган. Шунингдек, мактуб муаллифлари Бош вазирнинг аввал яхшилаб ўйлаб, олиб келиши мумкин бўлган оқибатлари ва икки давлат ўртасидаги муносабатларга таъсирини баҳолаб, сўнг баёнот беришига умид қилаётганини таъкидлаб ўтган.
Маҳаллий таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, мазкур хат Анқарага АҚШнинг Яқин Шарқдаги «энг яқин дўсти» ким эканлигини намоён қилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШ президенти Барак Обама билан бошқа гаплашмаслигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)