Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими муассислигида Namnews.uz янги электрон нашри ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Электрон нашр муҳаррири Р. Ирисовнинг сўзларига кўра, Namnews.uz Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 14 миллион сўмлик грант маблағи кўмагида ташкил этилган.
Янги сайтнинг «Сиёсат», «Иқтисод», «Маънавият», «Ёшлар», «Спорт», «Жамоатчилик назорати» каби саҳифалари орқали вилоятда юз бераётган ўзгаришлар, янгиликлар, эришилаётган ютуқ ва муваффақиятлар ҳақида хабардор бўлиб бориш, долзарб мавзудаги таҳлилий мавзулар билан танишиш мумкин.
«Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор, айниқса, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имкониятлар самараси бўлган ушбу сайт материаллари ҳар куни икки-уч марта янгилаб турилади, — дейди электрон нашр координатори Улуғбек Рўзиматов. — Уни янада такомиллаштириш, мазмун-мундарижасини бойитиб бориш устида изланишлар давом этмоқда».
Изоҳ (0)