1971 йил америкалик боксчи Муҳаммад Алининг юқори вазн бўйича жаҳон чемпиони номи учун яна бир америкалик Жо Фрейзер билан курашиб, мағлубиятига учраган. Айнан ўша жангда кийилган қўлқоплар пайшанба куни Огайо штати Кливленд шаҳрида сотилди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар берди.
Heritage Auctions аукцион уйи томонидан ташкил этилган «Платина оқшоми» кимошди савдосида 388 минг долларга сотилган қўлқопларининг ички томонига қизил ранг билан «1971 йил 3 мартда Али Фрейзерга қарши» деб ёзиб қўйилган.
«Бу қўлқоплар бошқалари сингари Муҳаммад Алининг буюртмаси билан машҳур уста Сэмми Фрегер томонидан қўй терисидан тайёрланган. Улар эчки жуни билан тўлдирилган, — дейди Heritage Auctions вакили Ной Флайшер. — Улар кейинчалик Алининг бокс бўйича мураббийи Анжело Дандига ўтган. У қўлқопларда ўз имзосини қолдирган».
1971 йил бўлиб ўтган жанг «аср дуэли» номини олиб, АҚШдан ташқари, 35 та мамлакатда трансляция қилинган. Эътиборли жиҳати, бу жанг икки жаҳон чемпионининг ўзаро кураши эди.
Барча чипталар жанг бошланишидан бир ой аввал сотиб бўлинган. Уни томоша қилиш учун голливуднинг юлдузлари, хусусан, Барбара Стрейзанд, Френк Синатра, Дайана Росс ва Хью Хефнер кабилар ташриф буюрган.
Учрашувдан олдин Муҳаммад Али Фрейзерни бир неча бор ҳақорат қилган. Ҳақоратлар жанг вақтида ҳам давом этган.
Олтинчи раундда ғалабага эришишини таъкидлаган Али жангнинг ярмига келиб, фақат ҳимояланишга ўтган. 15 раунддан сўнг учала ҳакам биргаликда Фрейзерни ғолиб деб эълон қилган.
«Мазкур жангда Алининг характери тобланган, бу эса кейинчалик унга ‘энг буюк боксчи’ номини қозонишига ва унинг исталган мамлакат, исталган спорт турида энг севимли спортчилардан бири бўлишига ёрдам берди», — деди Heritage Auctions раҳбари Крис Айви.
Маълумот учун, Алининг 1964 йил 25 февраль Сонни Листон билан бўлган жангда кийган қўлқоплари 2014 йил февраль ойида Нью-Йорк шаҳрида 836 минг долларга сотилган. Мазкур 1964 йилги жангда кўпчилик Листоннинг ғалабасига ишонган, бироқ Али уни мағлубиятга учратган.
Изоҳ (0)