2014 йил 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисини шу йил 28 август куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришни, ишбилармонлик муҳитини яхшилашни, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларини ишончли муҳофаза қилишни ва бошқаларни назарда тутадиган, Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги (янги таҳрирда), «Тижорат сири тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилди.
Шу билан бир қаторда навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар мамлакатнинг бир қатор идоралари раҳбарларининг ҳисоботини тинглашни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ва муҳокама қилишни назарда тутмоқда.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн бешинчи ялпи мажлисни тайёрлаш ва ўтказиш борасидаги ишини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан тегишли ишчи гуруҳ тузилди.
Изоҳ (0)