«Барселона» клуби ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймарнинг отаси гувоҳ сифатида судга чақирилди. Бунга футболчининг «Сантос»дан «Барселона»га ўтиш жараёнидаги молиявий ўйинларда гумон қилинаётгани сабаб бўлди, дея хабар беради Stadion.uz Marca нашрига таяниб.
Суд мажлиси 1 октябрь куни бўлиб ўтади. Суднинг илтимосига кўра, катта Неймар ўғлининг шартномаси ва унинг «Барселона» клубига ўтиши билан боғлиқ ҳамма ҳужжатларни олиб бориши керак.
Шунингдек, судга «Барса»нинг молиявий директори Эктор Алмела, клуб президенти Хосеп Бартомеу ва вице-президенти Хавер Фаус ҳам чақирилган.
Маълумот учун, Неймар учун расман 57 миллион евро (76 миллион доллар атрофида) тўланган, бунда «Сантос» 17 миллион евро (23 миллион долларга яқин) олган, холос. Қолган пуллар Неймарнинг оиласига тегишли компанияга теккан.
Бундан ташқари, ушбу трансфер сабабли клубнинг аввалги президенти Сандро Россел солиқ тўламаганлиги учун истеъфога чиқишга мажбур бўлган.
Изоҳ (0)