Африкадаги 20 давлат Саҳрои Кабир атрофида қурғоқчиликка мустаҳкам дарахтлардан иборат катта ўрмон — Буюк яшил деворни яратиш учун бирлашди. Бу ҳақда Science Alert нашри хабар берди.
Шимолий Африканинг катта қисмини эгаллаб, жами майдони ҳозирда 9,4 миллион квадрат километрни ташкил этувчи чўл Сенегал, Мавритания ва Нигерия томонга қараб катталашишда давом этмоқда. The Guardian’нинг қайд этишича, ҳеч қандай чора кўрилмаса, 2025 йилга келиб, Африкадаги суғориладиган ерларнинг учдан икки қисми чўл таркибига кириб кетади.
Чўлланиш ва иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг камайиши, ер деградацияси сингари муаммоларни ҳал қилиш ниятида Сенегал бошчилигидаги 20 давлат Буюк яшил деворни қуриш ташаббуси билан чиқди. Унга кўра, Саҳрои Кабирнинг жанубий чегарасида кенглиги 14 километр, узунлиги 7600 километрни ташкил этувчи дарахтлар девори қурилади. Лойиҳа якунланиши билан ўрмон тарихдаги энг катта боғдорчилик намунасига айланади.
Ташаббус доирасида, шунингдек, фермерлик ва чорва моллари етиштириш фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Буюк яшил девор минглаб маҳаллий аҳоли учун иш ўрни яратилишига сабаб бўлади.
Лойиҳа бир неча халқаро ташкилотлар, хусусан, Буюк Британиянинг Қироллик Ботаника боғлари, Жаҳон банки, Африка иттифоқи ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди. Улар биргаликда ўрмон учун уч миллиард доллар маблағ ажратиш ва мутахассислар билан таъминлашга ваъда берди.
Изоҳ (0)