Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров АҚШ президенти Барак Обаманинг Шимолий Кавказ республикасига киришини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда унинг Instagram’даги хабарига асосланиб, РБК хабар берди.
27 июлдан бошлаб Чеченистонга кириши тақиқланган кишилар рўйхатидан, Обамадан ташқари, Еврокомиссия раиси Жозе Мануэль Баррозу, Евроиттифоқ раҳбари Херман Ван Ромпёй, Иттифоқнинг халқаро муносабатлар бўйича олий вакили Кетрин Эштон ҳамда Европарламент раиси Мартин Шульц ҳам жой олган.
Шунингдек, Рамзан Қодиров рўйхатда қайд этилган шахсларнинг Чеченистондаги банк ҳисоблари ва активларини музлатиб қўйишга буйруқ берган.
У бундай ҳаракатни «Бутун дунё Ливия, Сурия, Ироқ, Афғонистон ва сўнгги вақтларда Украинадаги воқеаларнинг ҳам гувоҳи бўлди. Бу мамлакатларга демократия олиб киришдек кўринаётган жараёнларда тинч аҳоли, аёллар, кексалар, болалар ўлдирилмоқда, шаҳарлар, диний муқаддас қадамжолар харобага айлантирилмоқда. Буларнинг барчасига тўғридан тўғри АҚШ ва Евроиттифоқ жавобгардир. Уларнинг раҳбарлари амалга ошираётган ҳаракат халқ ва мамлакатларга қарши йўналтирилган давлат миқёсидаги терроризмдир», — деган сўзлар билан изоҳлади.
Маълумот учун, Қодировнинг ўзи Европа Иттифоқининг сўнгги санкциялар рўйхатидан 14 нафар мансабдор шахс ҳамда 18 та компания ва ташкилот билан бирга жой олган.
Изоҳ (0)