Америкалик комикслар рассоми Кевин Истмен ўзининг «Тошбақа-нинзя» сериясидаги 1984 йилда ишланган биринчи суратини икки миллион долларга сотишга қарор қилди. Бу ҳақда Variety хабар берди.
Суратни Сан-Диегодаги 24—27 июлда бўлиб ўтадиган Comi-Con фестивалида харид қилиш мумкин. Рассомнинг таъкидлашича, 2014 йил «Тошбақалар» 30 ёшга тўлгани учун ҳам суратни айнан шу вақтда сотишга қарор қилган. Бундан ташқари, Paramount компанияси 8 август куни тошбақалар саёҳатлари ҳақидаги янги фильмни мухлислар эътиборига тақдим этади.
Истменнинг сўзларига кўра, савдодан тушган маблағнинг маълум бир қисми хайрия учун ажратилади.
«Мен бу расмга 30 йил эгалик қилдим, энди, ўйлашимча, унга янги уй топадиган вақт келди. Ҳозир ‘Тошбақалар’ни қўйиб юбориш учун энг қулай вақт эканлигини ҳис қиляпман», — дейди рассом.
Расмни сотишда Истменга катталар учун мўлжалланган, комикс ва фантазия ҳамда илмий фантастика жанрларидаги ҳикоялар чоп этадиган Heavy Metal нашри ёрдам беради. Рассом 1991 йилдан бери мазкур журналнинг ҳам эгаси, ҳам ношири ҳисобланади.
Маълумот учун, Истмен комиксни Питер Лерд билан ҳаммуаллифликда яратган. Тошбақа-нинзяларнинг саёҳатлари олтита тўлиқ метражли фильм, кўплаб мултсериаллар, телешоу ва компьютер ўйинларида акс этган.
Изоҳ (0)