Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатида тўртта ўйин бошқариб қайтган, мундиаллардаги умумий учрашувлари сонини тўққизтага етказиб, рекорд натижа қайд этган Равшан Эрматов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди. Тажрибали ҳакам бу эътирофдан жуда хурсанд эканини айтиб ўтди, деб хабар берди Uff.uz.
«Ростини айтсам, 100 минг мухлис ўтирган стадиондаги энг муҳим учрашувни бошқарганимда ҳам ҳаяжонланмаганман, аммо ҳозир, юртимиз, Давлатимиз томонидан билдирилган бу эътирофдан қаттиқ ҳаяжонга тушдим. Барчаси учун юртимизга, президентимизга миннатдорчилик билдираман.
Бу орденнинг мен учун аҳамияти жуда катта. Илк бора мундиалда ишлаш учун Цюрихдаги ҳакамлар йиғинида иштирок этганимда, ФИФА назарига тушиш учун астойдил ишлар эдик. Ўшанда хорижлик баъзи мутахассислар ‘Ўзингни кўп уринтирма, барибир Ўзбекистондан ҳакам олишмайди. Футболи ривожланган мамлакатлар турганда сизга йўл бўлсин’, — деган эди.
Ўша кўра олмаган инсонларга Ўзбекистонда қандай ҳакамлар борлигини исботлаш учун ҳам астойдил ишладик ва мақсадимизга етганимиздан хурсандмиз.
Бироқ бу ютуқлар тарихда қолди. Энди биз олдинга қарашимиз керак. Биз ишлашда давом этамиз ва ваъда берамизки, бу эришилган натижа билан чекланиб қолмаймиз», — дейди Равшан Эрматов.
Изоҳ (0)