Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Зебунисо» ҳамда Чирчиқ шаҳридаги «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғинларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Европа Иттифоқининг «Эҳтиёжманд оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича янги дастурлар» номли ҳамкорликдаги лойиҳаси доирасида ахборот ойналари ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда лойиҳа ташкилотчилари, тегишли идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, банк-молия тузилмалари мутасаддилари ва мутахассислар иштирок этди.
Вилоятда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Европа Иттифоқининг тегишли лойиҳаси доирасида жамоатчилик гуруҳлари тузилди. Жорий йилнинг февраль—май ойларида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг малакасини ошириш, ижтимоий маркетинг ва маблағларни бошқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилди. Мазкур машғулотларда ахборот ойналари фаолиятини самарали олиб борадиган мутахассислар тайёрланди.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қибрай туман бўлими раиси, жамоатчилик гуруҳи аъзоси Раҳматилла Толипов «Ахборот ойнаси»нинг хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, тадбиркорликка оид зарур маълумот ва ахборотларни олиш, уларни бу йўналишдаги миллий қонунчилигимиз билан таништириш, тегишли идора ва ташкилотлар билан боғланишга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова сўзга чиқди.
Изоҳ (0)