Россиянинг «Евроцемент» холдинги Тошкент вилояти хўжалик судининг «Оҳангаронцемент»нинг хусусийлаштирилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан апелляция беради. Бу ҳақда «РИА Новости» ахборот агентлигига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Нашрда қонунчиликка кўра завод акциядорларида апелляция бериш учун бир ой муддат борлиги ва ҳозирги вақтда ҳужжатларни тўплаш ишлари бошлангани таъкидланди.
21 июль, душанба куни Тошкент вилояти хўжалик суди Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитасининг даъвосини қаноатлантириб, «Оҳангаронцемент»нинг 1994 йил августидаги хусусийлаштирилишини ноқонуний деб топди.
Даъво 16 июль куни берилган бўлиб, ўтган жума куни ушбу иш бўйича илк суд эшитувлари бўлиб ўтган. Маълум бўлишича, суд қарори қисқа муддат ичида қабул қилинган, заводнинг ўзида эса тез-тез Ўзбекистон органлари томонидан кутилмаган текширувлар ўтказилган.
Нашрда қайд этилишича, 2014 йил баҳорида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва молия органлари солиқ ва молиявий қоидабузарликларда гумон қилиб, заводда режадан ташқари текширувлар ўтказган, бироқ қоидабузарликлар аниқланмаган.
Маълумот учун, «Евроцемент» холдинги «Оҳангаронцемент»нинг 75,6 фоиз акциясини 2006 йил августида Швейцариянинг Zeromax GmbH компаниясидан сотиб олган бўлиб, ҳозирги вақтда 83,92 фоиз акцияга эгалик қилади.
Июнь ойида «Евроцемент» «Оҳангаронцемент» негизида йилига 2,4 миллион тонна «қуруқ» цемент ишлаб чиқара оладиган заводни ташкил қилиш учун хитойлик ҳамкорлар билан 128 миллион долларлик шартнома имзолаган эди.
Изоҳ (0)