Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан «Йилнинг энг фаол ёш фермери» кўрик-танловининг мамлакат босқичи ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур танловда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Танловнинг дастлабки босқичларида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан минг нафардан ортиқ ёш фермер иштирок этди.
Якуний босқичда эса 13 нафар иштирокчининг Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ундан мўл ҳосил олиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш ва бу орқали хизмат кўрсатиш тизимини яратиш, қишлоқ хўжалигига илғор инновацион технологияларнинг жалб қилинганлиги, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги қўлга киритган ютуқларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманидаги «Шабада-Н» фермер хўжалиги раҳбари Болёржон Ҳамзалиев биринчи, Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги «Жамшид Фаршид замини» фермер хўжалиги раҳбари Жамшид Раззоқов иккинчи, Навоий вилоятининг Кармана туманидаги «Обод турмуш келажаги» фермер хўжалиги раҳбари Наргиза Маманова учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Изоҳ (0)