19 июль куни Рамазон мавсумида умра сафарига борган дастлабки 164 нафар зиёратчилар гуруҳи кутиб олинди. Рамазон умра зиёратида Ўзбекистондан жами 670 нафар фуқаро (Тошкент — Жидда — Тошкент йўналиши бўйича 3 та рейс) иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайти хабар берди.
Зиёратчилар Макка ва Мадина шаҳарларида 10 кунлик (Мадинада тўрт кун, Маккада олти кун) умра ибодатларини тўла-тўкис амалга оширмоқда.
Зиёратчиларнинг ибодат қилиши, (саҳарлик ва ифторлик) овқатланиши, уларга тиббий хизмат кўрсатилиши, кутиб олиниши ва кузатилиши бўйича барча шароитлар яратилган. 29 июлга қадар давом этадиган умра сафари давомида уларга ишчи гуруҳи, шифокор ва ошпазлар хизмат кўрсатади.
Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида «Масжид ан-Набавий» билан ёнма-ён жойлашган «Мавадда Ал-Воҳа» ҳамда Макка шаҳрида Ҳарамдан 500 метр узоқликдаги «Ал-Башара Мавадда» меҳмонхоналарида истиқомат қилмоқда.
Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-869 сон Қарори асосида Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган «Ҳаж» ва «Умра» масалалари бўйича атташэ билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Уларни Тошкент шаҳар аэропортида кутиб олиш эса Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, тегишли вазирликлар ва идоралар ходимлари билан биргаликда уюшган ҳолда амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)