«Умра — 2014» Рамазон мавсуми зиёратидан қайтган фуқаролар сафарни ташкиллаштирган барча ходимларга ўз миннатдорчилигини билдирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайти маълум қилди.
Хусусан, сурхондарёлик Жумаев Қодир бобо Тошкент халқаро аэропортида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
«Жидда аэропортига тушганимизда бизларни элчихонамиз ходимларидан иборат ишчи гуруҳ кутиб олдилар. Бизларга керакли хизматларни кўрсатганларидан кейин, замонавий автобусларда Мадинага қараб йўл олдик. Мадинага боргунча гуруҳ раҳбарларимиз умра сафари қоидалари тўғрисида батафсил сўзлаб беришди.
Макка ва Мадина шаҳарларида Ўзбекистонлик ошпазлар ватандан узоқларда юрганлигимизни билдирмасдан мазали ўзбек таомлари билан бизларни баҳраманд қилиш учун ҳаракат қилишди. Ўзбекистонлик ишчи гуруҳ аъзолари ва раҳбарлари томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Гуруҳ раҳбарлари Макка ва Мадина, муқаддас қадамжолар, ислом тарихи ҳақида тўлиқ маълумотлар бериб келдилар. Ўзбекистонлик шифокорлар гуруҳи эринмасдан, оғринмасдан, кунни кун, тунни тун демай, саломатлигимиздан бохабар бўлишди.
Биз 2014 йил Рамазон умра сафаридан жуда мамнун бўлиб, ватанимизга қайтиб келдик. Бизларга шунчалик шарт-шароитлар яратилганига, авваламбор, муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовга раҳматлар айтамиз, шунингдек, эл-юрт хизматини қилаётган Ҳукуматимизга самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз. Юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги йўлида олиб бораётган шарафли ишларида мададкор бўлишини Аллоҳ азза ва жалладан сўраб дуои хайрлар қилмоқдамиз».
Изоҳ (0)