Россия президенти Владимир Путин Малайзия «Боинг»ининг қулаши учун жавобгарликни Украина елкасига қўйди ва фожеа тафсилотларини чуқур ўрганиб чиқиш учун барча чораларни ишга солишни талаб қилди, дея хабар бермоқда «Кун» «Интерфакс» ахборот агентлигига асосланиб.
«Сўзсиз, бу даҳшатли фожеа учун, ушбу воқеа қайси мамлакат устида содир бўлган бўлса, шу мамлакат жавобгар бўлади», — деди Россия президенти.
«Агар ушбу жойда тинчлик бўлганида, Украина жануби-шарқида жанговар ҳаракатлар қайта бошланмаганида эди, ушбу фожеа содир бўлмасди», — деди Владимир Путин.
Путин авиаҳалокат тафсилотларини аниқлаш бўйича Россия ҳукуматига кўрсатма бераркан, «содир бўлган воқеанинг ҳаққоний тасвири ҳам Россия, ҳам Украина ва умуман бутун жаҳон жамоатчилиги мулкига айланиши керак»лигини қайд этиб ўтди.
Ўз навбатида, Россия президенти мамлакат раҳбарияти ва ҳукумати номидан авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, шунингдек, фуқаролари ҳалок бўлган мамлакатларнинг ҳукуматларига ўз ҳамдардлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Донецк вилоятида Malaysia Airlines самолёти қулагани ҳақидаги ахборот Тошкент вақти билан 20:00 атрофида пайдо бўлди. Маълумотларга кўра, ҳалокат натижасида самолёт бортида бўлган барча одам ҳалок бўлган.
Авиаҳалокатдан сўнг Россия президенти Владимир Путин телефон суҳбати вақтида АҚШ президенти Барак Обамага рўй берган ҳодиса ҳақида маълум қилган.
Изоҳ (0)