АҚШ Давлат департаменти Исроилга «ҳаво-ҳаво» туридаги AIM-9X-2 Sidewinder ракеталари, зарурий қўшимча қисм ва ускуналарни сотиш ва 544 миллион доллар миқдорида ёрдам кўрсатиш ҳақидаги фикрни маъқуллади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг мудофаа бўйича ҳамкорлик ва хавфсизлик агентлиги ахборот хизматига асосланиб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
Қуролларни сотиш ҳақидаги билдиришнома жорий йилнинг 14 июль куни АҚШ Конгрессига йўлланган.
Аввалроқ Исроил ҳукумати «ҳаво — ҳаво» туридаги 600 та AIM-9X-2 «2-блок» (Block II) AUR (All-Up Round Missiles) ракеталари, 50 та CATM-9X-2 (Captive Air Training Missiles) ўқув ракеталари ва унинг DATM белгили тўртта нусхаси, ракеталарни сақлаш ва текшириш ускуналари, қўшимча қисмлар, шахсий таркиб ўқув жиҳозлари, АҚШ ҳукумат идораларининг логистик кўмаги, техник ҳужжатлар сингари бир қанча хизмат кўрсатилишини сўраб, АҚШга мурожаат қилган.
Ахборот хизматининг таъкидлашича, АҚШ Исроилнинг мудофаа имкониятлари кенгайиши учун ёрдам беради. Режалаштирилган ракеталар савдо-сотиғи Исроил ҳарбий ҳаво кучлари мустаҳкамланиши ва АҚШ ҳаво кучлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасининг ошишига ёрдам беради. Бироқ бу хизматнинг минтақадаги қуролли кучлар мувозанатига салбий таъсир кўрсатмаслиги ҳақида айтиб ўтилди.
Қурол-аслаҳани етказиб беришда Аризона штатидаги Raytheon Missile Systems Company асосий пудратчи компания бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ (0)