2014 йил 16 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари чиқарилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йил 17 январда республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2014 йил учун иқтисодий дастурнинг йўналишлари ва муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
2014 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши — 8,1 фоизни, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши — 17,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфлация даражаси прогноз параметрлардан ошмади.
Ички талабни рағбатлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни тубдан кўпайтириш ҳамда хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 10,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми — 13,7 фоизга ва пуллик хизматлар ҳажми — 9,7 фоизга ўсишини таъминлади. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида хизматлар соҳасининг улуши 2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари бўйича 52,4 фоиз ўрнига 52,7 фоизгача ўсди.
Экспорт қилувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш, олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт ҳажмларининг 8 фоизга ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг салмоқли ижобий салдосини таъминлаш имконини берди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмлари 6,9 фоизга ўсиши таъминланди. Доннинг 8 миллион тоннадан ортиқ рекорд ҳажми етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Уй-жойлар қуриладиган янги қишлоқ массивларида 2014 йилга мўлжалланган 11000 та намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уйларнинг 4486 таси фойдаланишга топширилди.
Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини оширишнинг ҳар йилги дастурини тизимли амалга ошириш туфайли 2014 йилнинг бошидан бошлаб 506,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Улардан 303,2 мингтадан ортиғи ёки 59,9 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида 3,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
144 та зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган «йўл хариталари»ни фаол амалга ошириш туфайли 109 та корхонани зарар кўриб ишлашдан ва молиявий нобарқарорликдан чиқариш таъминланганлиги қайд этилди.
Қайта ташкил этилаётган корхоналарда умумий суммаси 3,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди, шу жумладан, қарийб 118 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспортга сотилди. Йирик саноат корхоналарида 1330 бирлик эскирган асбоб-ускуна янгиланди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ўртача 8,9 фоизга пасайтиришга эришилди.
Юқори технологик ва замонавий объектлар ва қувватларни ишга туширишни тезлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларини чуқурлаштириш юзасидан амалга оширилаётган фаол инвестиция сиёсати ва кўрилаётган чора-тадбирлар ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмлари 10,8 фоизга, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар — 28,8 фоизга ўсишига кўмаклашганлиги қайд этилди.
Жорий йил бошидан бошлаб 2014 йил учун Инвестиция дастурига киритилган умумий қиймати 680 миллион доллар бўлган 64 та лойиҳани амалга ошириш тугалланди. 1651 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.
Кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун кичик бизнес субъектларига умумий суммаси 25,5 миллиард сўмлик 86 та давлат активлари сотилди, давлат мулкининг 19,4 мингта фойдаланилмаётган объектлари ижарага берилди. Банклар томонидан уларга 4,8 триллион сўм миқдорида ёки 2013 йилнинг биринчи ярим йилидагига қараганда 1,3 баравар кўп кредитлар берилди.
Ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўсишига ва миллий иқтисодиётнинг барақарорлигига, аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолининг иш билан бандлиги ва моддий фаровонлигини ошириш масалаларини ҳал этишга тадбиркорликнинг улушини жиддий равишда оширишни таъминлади. Кўрилган чора-тадбирлар кичик бизнес улушининг саноатда — 27 дан 28,4 фоизгача, бандликда — 75,8 дан 76,4 фоизгача ўсишини таъминлади.
Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)