Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро пиёдалар ўтиш жойидаги муаммоларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёрдамида ҳал қилди, дея хабар бермоқда Anhor.Uz.
Маълум бўлишича, баҳор кунларида Шимолий («Тошкент») вокзал атрофида турмуш ўртоғи ва аравачадаги боласи билан сайр қилиб юрганида, шаҳар инфратузилмасининг ноқулайликлари билан тўқнашган.
Яъни, пиёдалар ўтиш жойининг бир боши кўприкчаси йўқ ариқдан бошланса, иккинчи томони пандус (нишаб йўлка)сиз бордюр (жияк) билан тугаган. Бундай ҳолатда аравача билан ҳаракатланиш маълум бир қийинчиликни келтириб чиқаради, деб ёзади «Кун».
Фуқаро июнь ойида мурожаат матнини тайёрлаб, унга иккита фотосуратни ҳам илова қилиб, My.gov.uz орқали Тошкент шаҳар ҳокимлигига жўнатган. Маълум бўлишича, унинг мурожаати ҳокимликдан шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига, у ердан эса шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига жўнатилган.
Бу ҳақда фуқаро бир ой ўтиб билган. Мурожаатдан бир ҳафта ўтиб, ҳокимликдан фуқарога телефон қилиб, мурожаат бўйича ишлар қилинган-қилинмаганлиги ҳақида қизиқиб сўрашган. Бу вақтгача мурожаат бўйича ҳеч қандай иш қилинмаган.
Орадан яна бир ҳафта ўтиб, фуқарога энди Ободонлаштириш бошқармасидан қўнғироқ қилишган. Фуқаро шу куни ишдан қайтаётиб, кўрсатилган муаммоли жойларда талаб бўйича ишлар амалга оширилганини кўрган.
«Ариқ устидан кўприкча қўйилиб, бордюр устидан пандус қўйилганди. Бундан ташқари, йўлдан ўтган кейин ҳам яна бир қўшимча пандус қурилганди. У ердаги бордюр у қадар баланд бўлмаса-да, нима бўлганда ҳам ёқимли бонус», — деб ёзади фуқаро.
Фуқаронинг қайд этишича, у ўз мурожаати бўйича қилинган ишлардан қониқиш ҳосил қилган: «Мен энг яхши ҳолатда жараён бир неча ойларга чўзилишини, ёмон ҳолатда эса — қуруқ жавоб олишимни тахмин қилгандим. Шу сабаб, фурсатдан фойдаланиб шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармасига миннатдорчилик билдираман».
Изоҳ (0)