Эроннинг инқилобий трибунали саккиз кишини Facebook ижтимоий тармоғида ҳукуматга қарши хабарлар жойлаштиргани учун жами 127 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда France Presse агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Шахси маълум қилинмаётган жиноятчилар «миллий хавфсизликка қарши йўналтирилган ҳаракатларни қасддан амалга оширгани», ҳукуматга қарши тарғибот ўтказгани ҳамда «Эроннинг етакчилари ва исломнинг муқаддас кишиларини ҳақорат қилгани» учун ҳар бири 11 йилдан 21 йилгача бўлган турли муддатга қамалди.
Маълумот учун, Twitter ва Facebook сингари ижтимоий тармоқлар, шунингдек, ҳукумат ёки исломга қарши деб тан олинган бошқа ресурслар ҳукумат томонидан беркитиб қўйилган.
2014 йил май ойида WhatsApp’ни ҳам тақиқлаб қўйиш таклифини Эрон президенти Ҳасан Руҳоний рад этди. Бундан аввал у сайловолди жараёнларда ижтимоий соҳада аҳолига озодлик беришни ваъда берган эди. Бироқ кейинчалик унинг бу фикри Эроннинг мутаассиб сиёсатчилари томонидан қаттиқ танқид остига олинди.
Изоҳ (0)