Ўзбекистонлик теннисчи Оқгул Омонмуродова Францияда мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этган халқаро турнирнинг яккалик баҳслари биринчи даврасида ғалаба қозониб, бош соврин учун курашни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилади.
Франциялик Матилда Юханссонга қарши кортга чиққан спортчи икки сет якунига кўра 6-3, 6-4 ҳисобида рақибини мағлуб этди.
Энди Оқгул Омонмуродова иккинчи даврада Менди Минелла (Люксембург) ҳамда Аманда Каррерас (Буюк Британия) ўртасидаги учрашув ғолиби билан баҳс юритади.
Бугун, 8 июль куни эса Оқгул жуфтликда украиналик шериги Анастасия Василева билан бирга аргентиналик Ванеса Фурланетто ҳамда франсиялик Амандин Хесс дуэтига қарши кортга чиқади.
Яна бир иқтидорли теннисчи Сабина Шарипова эса Таиланднинг Бангкок шаҳрида бошланган халқаро турнирни ғалаба билан бошлади.
Яккалик баҳсларининг дастлабки турида япониялик Акари Инуе билан баҳс юритган Сабина 6-2, 6-4 ҳисобида зафар қучди. Сабина Шарипованинг иккинчи даврадаги рақибаси бугун ўтказиладиган Чаникарн Силакул (Таиланд) ва Хикари Ямамото (Япония) учрашувидан сўнг аниқланади.
Изоҳ (0)