Россия Футбол иттифоқи ҳакамлик корпусининг собиқ раҳбари Сергей Ҳусайнов «Р-Спорт» нашрига берган интервьюсида Бразилиядаги жаҳон чемпионатида юқори даражадаги ҳакамликка гувоҳ бўлаётганини таъкидлади.
«Жаҳон чемпионатларида анчадан буён бундай яхши даражадаги ҳакамлик кузатилмаган эди», — деди у.
Ҳусайнов англиялик Ховард Уэбб ва Равшан Эрматовни мундиалнинг айни пайтдаги икки нафар энг яхши арбитри сифатида тилга олди. «Уэбб катта тажрибага эга. У ўта юқори даражадаги Англия лигасида тобланган», — деди у.
Эксперт Эрматовга таъриф берар экан, унинг аввал Ўзбекистон термасида ўйнагани, шу туфайли футболни яхши тушунишини таъкидлади. «У ҳакамликда йўналишни тез аниқлаб олишда ҳеч қандай муаммога дуч келмайди», — дея қайд этди у.
Сергей Ҳусайнов Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг финал ўйинини Равшан Эрматов ёки Ховард Уэбб бошқариши керак, деган фикрни қўллаб-қувватлади. «Айнан улар иккаласи финал учрашувда ишлайди ҳам, менимча, — деди у. — Ҳаммаси Бразилия — Германия ўйини натижасига боғлиқ. Агар германияликлар ютса, Эрматовга эшиклар очилади, аксинча бўлса, Уэбб ҳакамлик қилади».